unfoldingWord 16 - Ҳакамлар
रूपरेखा: Judges 1-3; 6-8; 1 Samuel 1-10
लिपि नम्बर: 1216
भाषा: Uzbek
दर्शक: General
उद्देश्य: Evangelism; Teaching
Features: Bible Stories; Paraphrase Scripture
स्थिति: Approved
लिपिहरू अन्य भाषाहरूमा अनुवाद र रेकर्डिङका लागि आधारभूत दिशानिर्देशहरू हुन्। तिनीहरूलाई प्रत्येक फरक संस्कृति र भाषाको लागि बुझ्न योग्य र सान्दर्भिक बनाउन आवश्यक रूपमा अनुकूलित हुनुपर्छ। प्रयोग गरिएका केही सर्तहरू र अवधारणाहरूलाई थप व्याख्याको आवश्यकता हुन सक्छ वा पूर्ण रूपमा प्रतिस्थापन वा मेटाउन पनि सकिन्छ।
लिपि पाठ
Нун ўғли Ёшуанинг вафотидан сўнг Исроил халқи Худога итоат этмади ва Унинг қонунларини бажармай қўйди. Исроилликлар қолган халқларни Канъондан ҳайдаб чиқармадилар, тирик Худога, Эгамизга сажда қилиш ўрнига канъонликларнинг худоларига сиғина бошладилар. Исроилда шоҳ йўқ эди, шунинг учун ҳар бир инсон ўзи тўғри деб билган ишни қилар эди.
Исроил халқи бир неча йил давомида Худога итоатсиз бўлганида, У халқни жазолаб, уларни душманлари қўлига, қўшни халқларга топширарди. Душманлар Исроилни мағлуб қилар эдилар, талон-тарож қилиб, мол-мулкини яксон қилар эдилар, исроилликларнинг кўпини ўлдирар эдилар. Ниҳоят, кўп йиллик жабрлардан сўнг Исроил тавба қилиб, душманлардан озод қилишни Худодан сўрарди. Бу ҳол кўп бора қайтарилган.
Ҳар сафар Исроил халқи тавба қилганида, Худо уларни қутқарарди. У халққа ҳакам берарди. Ҳакам душманга қарши чиқиб, халқни озод қилар эди. Шунда юртда тинчлик ўрнатилиб, ҳакам халқни адолат билан бошқарар эди. Эгамиз Исроилни қутқариш учун жуда кўп ҳакамларни юборган. Эгамиз қўшни душман халққа, мидиёнликларга Исроил устидан ғалаба қозонишга йўл қўйганида, бундай ҳакамлардан бири юборилган эди.
Етти йил давомида мидиёнликлар исроилликларнинг бор ҳосилини тортиб оларди. Исроилликлар доимий қўрқувда яшаб, мидиёнликлар уларни топиб олмасликлари учун ғорларга яширинардилар. Ниҳоят, улар Худога юз бурдилар ва Ундан ўтиниб нажот сўрадилар.
Ўша пайтда Гидўн исмли исроиллик яшар эди. Бир куни у мидиёнликлардан беркиниб, яширинча дон янчаётганида, унинг олдига Эгамизнинг фариштаси келиб шундай деди: “Қудратли жангчи, Худо сен билан! Бор, исроилликларни мидиёнликлар қўлидан қутқар!”
Гидўннинг отасида бутга бағишланган қурбонгоҳ бор эди. Худо Гидўнга бу қурбонгоҳни бузиб, ўрнига Худовандга қурбонгоҳ қуришни буюрди. Гидўн халқдан қўрқар эди, шунинг учун тун бўлишини кутиб турди-да, кейин бутга бағишланган қурбонгоҳни бузиб, парчалаб ташлади. Вайрон бўлган қурбонгоҳ ўрнида Гидўн Худога қурбонгоҳ қурди ва унинг устида қурбонлик келтирди.
Эрталаб одамлар қурбонгоҳ вайрон бўлганини кўриб, қаттиқ ғазабландилар ва Гидўннинг уйига бориб, уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аммо Гидўннинг отаси: “Нима учун сиз ўз худоингизни ҳимоя қилмоқчи бўляпсиз? Агар у худо бўлса, ўзини ҳимоя қилсин!”- деди. Бу сўзларни эшитиб, одамлар Гидўнни ўлдирмасликка қарор қилдилар.
Кўп ўтмай мидиёнликлар яна исроил халқини талон-тарож қилиш учун келдилар. Мидиёнликлар шунчалик кўп эдики, уларни санаб бўлмасди. Гидўн исроилликларни душманлари билан жанг қилиш учун чақирди. Худо уни ҳақиқатдан ҳам Исроилни мидиёнлаклардан қутқариш учун чақираётганига ишонч ҳосил қилиш учун Гидўн Худодан иккита аломат сўради.
Биринчи аломат учун Гидўн қўй жунини ерга қўйди ва Худодан эрталабки шудринг фақат жун устида бўлишини, ер эса қуруқ қолишини сўради. Худо шундай қилди. Кейинги кеча Гидўн ер нам бўлишини, жун эса қуруқ қолишини сўради. Худо шундай ҳам қилди. Бу икки аломат Гидўнни Худо ҳақиқатдан ҳам Исроилни мидиёнликлардан қутқариш учун уни чақираётганига ишонтирди.
Бундан кейин Гидўн жангчиларни чақирди ва унинг ёнига 32 минг киши келди. Лекин Худо бу жудаям кўп эканлигини айтди. Шунда Гидўн жанг қилишдан қўрққан 22 минг жангчини уйига қайтариб юборди. Худо Гидўнга у ҳамон керагидан ортиқ одамларга эга эканлигини айтди. Шунда Гидўн Худо кўрсатган 300 жангчини олиб қолиб, қолганларини уйларига юборди.
Ўша тун Худо Гидўнга деди: “Мидиёнликларнинг қароргоҳига тушиб, улар нима ҳақида гаплашаётганига қулоқ сол. Уларнинг сўзларини эшитганингда, уларга ҳужум қилишга қўрқишдан тўхтайсан”. Тунда Гидўн қароргоҳга тушди ва бир мидиёнлик жангчи иккинчи жангича тушини баён қилаётганини эшитди. Жангчининг тушида арпадан пиширилган думалоқ нон мидиёнликларнинг қароргоҳида думалаб, чодирни вайрон қилган эди. Иккинчи жангчи: “Бу тушнинг маъноси Гидўннинг лашкари бизнинг мидиён лашкаримизни вайрон қилишидадир” — деди. Буни эшитган Гидўн Худонинг олдида бош эгди.
Сўнгра Гидўн жангчиларининг олдига қайтди ва Худо мидиёнликларни уларнинг қўлига бераётганини айтди. Бу сўзлардан кейин Гидўн ҳар бирининг қўлига бурғу, сопол қўза ва машъал берди. Улар бориб, мидиёнликлар ухлаётган қароргоҳни ўраб олдилар. Мидиёнликлар ёнаётган машъалларни кўрмасликлари учун, Гидўннинг уч юзта жангчиси ёқилган машъалларни кўзаларнинг ичида ушлардилар.
Кейин Гидўннинг барча жангчилари бир вақтда кўзаларини синдирдилар — ва машъалларнинг оловидан атроф бирданига ёришиб кетди. Жангчилар бурғу чалиб, ҳайқирдилар: “Эгамизнинг ва Гидўннинг қиличи!”
Худо мидиёнликларни саросимага солди ва улар бир-бирларига ҳужум қилишни ва ўлдиришни бошладилар. Гидўн дарҳол чопарларни юбориб, мидиёнликларни қувиш учун иложи борича кўпроқ исроилликларни чақириб келишларини буюрди. Исроилликлар уларнинг кўпчилигини ўлдирдилар, қолганларини эса ўзларининг еридан қувиб чиқардилар. Ўша куни 120 минг мидиёнликлар ҳалок бўлди ва Худо Исроилни асраб қолди!
Халқ Гидўнни ўзига шоҳ қилиб олишни истади. Аммо Гидўн рози бўлмади, бунинг ўрнига улардан мидиёнликлардан олинган олтин узукларни сўради. Халқ Гидўнга жуда кўп олтин олиб келди.
Ушбу олтиндан Гидўн олий руҳонийнинг кийимига ўхшаш махсус кийим ясади ва уни она шаҳрида қолдирди. Лекин халқ бу кийимга бутга сиғингандек сиғина бошлади. Гидўн қариб, вафот этганидан сўнг, исроилликлар яна бутларга сиғина бошладилар. Бу қилмиши учун Худо Исроилни жазолади ва душманлар уларнинг устидан ғалаба қозонишига рухсат берди. Охир оқибат исроилликлар яна Худодан ёрдам сўрадилар ва Худо уларга бошқа бир ҳакамни юборди.
Бу ҳол кўп маротаба қайтариларди: исроилликлар гуноҳ қилардилар — Худо уларни жазоларди, улар тавба қилардилар — Худо уларни қутқарадиган ҳакамни юборарди. Узоқ йиллар давомида Худо исроилликларга уларни душманларидан қутқарадиган кўплаб ҳакамларни бериб келарди.
Оқибатда исроилликлар Худодан барча халқлар сингари шоҳга эга бўлишни сўрадилар. Улар ҳалқни жангга олиб борадиган шоҳ истадилар. Ҳалқнинг бу сўрови Худога ёқмаган бўлса-да, У барибир уларга ўзлари сўраганидек шоҳни берди.